Enhancement of role of universities in transfer of innovations into enterprise
RSS icon Email icon Home icon
  • Фан, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги инновацион ҳамкорлик – модернизация асоси сифатида

    Posted on September 10th, 2013 Abdumalik Oripov No comments

    2013 йил 6 сентябрь куни Фарғона давлат университетида ТЕМПУС дастурининг UnIvЕnt лойиҳаси доирасида ўтказиладиган “Фан, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги инновацион ҳамкорлик – модернизация асоси сифатида” мавзусидаги якуний халқаро илмий-амалий семинар бўлиб ўтди

    Ушбу халқаро илмий-амалий семинарнинг хусусияти шунда бўлдики, Европа Иттифоқи ва Озарбайжондан ташриф буюрган қатнашчилар UnIvЕnt лойиҳасининг ҳамкорлари иш фаолияти билан ва лойиҳага бевосита алоқадорлиги натижалари билан 4-5 сентябрь кунлари танишдилар. Улар ўз кузатув ва хулосаларини 6 сентябрь куни семинар жараёнида баён қилдилар.

    Семинар иштирокчилари 4 сентябрь куни Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш Маркази Фарғона вилоят бўлими етакчи мутахассиси Адилбек Салайдинов ташаббуси билан Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институтининг Фарғона филиали фаолияти билан танишишди, хусусан, Боғбонлар мактаби фаолияти, ўқув режалари, Ўзбекистонда ривожланаётган интенсив боғдорчилик натижалари ҳамда боғдорчиликда қўлланилаётган инновациялар билан яқиндан танишишди.

    5 сентябрда барча меҳмонлар лойиҳа ҳамкори бўлган Республика «Келажак овози» ёшлар ташаббуслари Маркази Фарғона вилоят бўлимига ташриф буюришди ва лойиҳа ҳамкори томонидан амалга оширилаётган фаолият йўналишлари билан танишишди ва бу учрашувда қизиқарли дискуссиялар бўлди.

    Ўша куни меҳмонлар лойиҳанинг ҳамкорлари -Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат Палатасининг Фарғона вилояти бошқармаси ва Фарғона вилояти Тадбиркор аёллар уюшмаси таклифи билан Марғилон шаҳар Саид Ахмад Хўжа мадрасаси ҳудудида фаолият кўрсатаётган миллий ҳунармандлар фаолияти билан танишишди.

    Шундан сўнг семинар қатнашчилари Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш Маркази Фарғона вилоят томонидан Олтиариқ туманида фаолият кўрсатаётган фермер ва деҳқон хўжаликларида инновациялардан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш жараёни билан танишишга таклиф этилди ва у ерда узумчиликда қўлланилаётган технологиялар ва сақлаш жараёнлари билан танишишди.

    Халқаро илмий-амалий семинарда 94 нафар иштирокчи қатнашди, улардан UnIvЕnt лойиҳаси халқаро хамкорларидан

    Германия:

    • Проф. Др. Клаус Хайнссген, UnIvЕnt лойиҳаси грантхолдери, HTWK Лейпциг амалий фанлар университети,
    • Марианна Иванова – HTWK Лейпциг, лойиҳа молиявий менежери

    Португалия:

    • Др. Пауло Баптиста, Paulo & Beatriz – Consultores Associados ( P&B Associados) рахбари,
    • Др. Мария Беатриз Маркес, P&B Associados менежери

    Озарбайжон:

    • Салех Махаррамов, Нахчиван давлат университети ректори, проф.
    • Анар Казимов, Халқаро ишлар бўйича проректор, доцент
    • Вугар Бабаев, Ганжа агробизнес ассоциацияси директори
    • Низами Ибрагимли, ассоциация илмий ходими
    • Элмаддин Намазов ва Вугар Мохумаев – Озарбайжон давлат аграр университети аспирантлари,

    ҳамда

    • А.К.Абдурахманова,Миллий ТЕМПУС Офисининг Ўзбекистондаги координатори ва
    • Фарғона давлат университети, Фарғона политехника институти, Тошкент Ахборот Технологиялари Университети Фарғона филиали, Наманган давлат университети профессор-ўқитувчилари, иқтидорли талаба ва магистрантлари,лойиҳанинг ноакадемик хамкорлари: Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат Палатасининг Фарғона вилояти бошқармаси, ОАЖ «Фарғона-АЗОТ», ОАЖ «Фарғона ЁҒ-МОЙ», Фарғона вилоят «Тадбиркор аёл» уюшмаси, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш Маркази Фарғона вилоят бўлими, “Келажак Овози» ташаббускор ёшлар Маркази Фарғона бўлими вакилларидан иборат бўлди.

    Семинарни Фарғона давлат университети илмий ишлар бўйича проректори профессор Салимжон Отажонов очиб, иштирокчиларни навбатдаги халқаро семинар фаолиятининг бошланиши билан табриклади.

    Сўз Фарғона давлат университети ректори профессор Мадаминбек Ахмедовга берилди. Проф. М.Ахмедов барча қатнашчиларни ушбу олий ўқув юртида ўтказилаётган тадбирдаги иштироки учун миннатдорлик билдириб, «Фан ва ишлаб чиқариш ҳамкорлигини мустаҳкамлашда халқаро лойиҳаларнинг аҳамияти” мавзусида маъруза қилди. Маърузада Ўзбекистон Республикасида сўнгги йилларда ташкил этилган миллий инновацион тизимни мустаҳкамлаш бораси амалга оширилган тадбирлар тўғрисида гапириб ўтди ва бу жараёнда ҳалқаро лойиҳаларнинг, жумладан, UnIvЕnt лойиҳасининг аҳамияти ва бугунги кунгача ўтган даврдаги фаолияти тўғрисида фикрларини билдирди.

    Миллий ТЕМПУС Офисининг Ўзбекистондаги координатори Азиза Абдурахманова “Олий таълимни модернизациялаш жараёнида Темпус дастурининг ўрни” мавзусида маъруза қилди. У ўз маърузасида сўнгги йилларда ТЕМПУС дастури ҳамда Европа Иттифоқининг йирик дастурларидан бўлган ЭРАЗМУС МУНДУС дастурида юз бераётган ўзгаришлар, дастурнинг келгуси даврдаги фаолият йўналишлари тўғрисида гапириб ўтди. Шу билан бирга жорий даврда мамлакатимизда амалга оширилаётган ТЕМПУС дастурининг самарали фаолият олиб бораётган лойиҳалари ҳақида фикр билдириб, UnIvЕnt лойиҳаси ана шундай лойиҳалардан бири эканлигини билдириди.

    UNIVENT лойиҳасининг грантхолдери бўлган Германиянинг HTWK Лейпциг амалий фанлар университетидан Проф. Др .Клаус Хайнссгенга берилди. Проф.Др.К. Хайнссген “Темпус дастурининг UnIvEnt лойихаси ва уни амалга ошириш жараёнлари” мавзусида маъруза қилиб, лойиҳанинг барча ҳамкорлари биргаликда амалга оширган фаолият натижасида бир бутун ҳолда эришилган натижалар тўғрисида фикр билдирди.

    Нахчиван давлат университеи ректори профессор Салех Махаррамов “Нахичеван давлат университети: ривожланиш ва истиқбол” мавзусидаги маърузаси билан давом эттирди. У университетда сўнгги йилларда инновациялар яратиш ва уларнинг трансфери жараёнларига тўхталиб, ушбу жараёнда халқаро лойиҳаларни ўрни ва айнан UnIvEnt лойиҳаси доирасида эришилган натижаларнинг университет умумий тараққиётида тутган ўрни тўғрисидаги фикрларини билдирди.

    Сўз лойиҳанинг Португалиядаги ҳамкори P&B Associados рахбри Др.Паоло Баптистага берилди.Др. П.Баптиста ўз сўзида ассоциациянинг инновацияларни бошқариш йўналишида бугунги кунгача амалга оширган фаолияти ҳақида тўхталиб, ушбу тажрибаларни ривожланаётган мамлакатлар, жумладан Озарбайжон ва Ўзбекистонда амалиётга жорий этиш жуда яхши самара беришини айтиб ўтди.

    Нахчиван давлат университети проректори доц. Анар Казимов “Инновациялар трансферида Нахичеван давлат университети ўрни” мавзусида маъруза қилди. Маърузада лойиҳа доирасида амалга оширилган фаолият ҳамда эришилган натижаларга алоҳида урғу берилди.

    Ганжа агробизнес ассоциацияси раҳбари.доц. Вугар Бабаев “Озарбайжон қишлоқ хўжалигида ахборот ва коммуникацион технологияларидан фойдаланиш ” мавзусидаги маърузасида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши жараёнида илғор технологияларидан фойдаланиш самарадорлигига алоҳида тўхталиб ўтди.

    “Фарғона политехника институтида муқобил энергия манбааларини ривожлантириш мавзусидаги инновацион тадқиқотлар” мавзусида маъруза қилган Фарғона политехника институти профессори Сирожиддин Эргашев халқаро лойиҳа доирасида институтда олиб борилаётган фаолият ва унинг натижалари тўғрисида гапириб, бугунги кунда университетларнинг илмий-тадқиқот натижалари бўйича даромадларни кўпайтириш имкониятларини таҳлил қилиб берди

    Лойиҳа координатори доц.А.Р.Юнусов “Ўзбекистонда фан, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги корпоратив алоқаларни фаоллаштириш” мавзусидаги маърузасида университетларда олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишларининг амалий аҳамияти ҳақида гапириб, UnIvEnt лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган инновацияларни ишлаб чиқаришга тадбиқ этиш масалалари ҳақида ва шу юзасидан корпоратив алоқаларни фаоллаштириш ҳақида тўхталиб ўтди.

    Соат 14:00 да Фарғона давлат университети ректори профессор М.Ахмедов Нахчиван давлат университети ректори профессор С.Махаррамов ва проректор А.Казимов билан расмий учрашди. Учрашувда келгусида ҳар икки университет ўртасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш масалалари тўғрисида фикр алмашдилар.

    Шундан сўнг соат 14:30 да ФарДУ ректори проф. М.Ахмедов лойиҳа грантхолдери Германиянинг HTWK – Лейпциг амалий фанлар университети профессори К.Хайнссген билан учрашди. Учрашувда университетларнин лойиҳа якунига етгандан кейинги фаолияти ҳамда лойиҳанинг бардавомлиги масалалари тўғрисида фикр алмашдилар.

    Тушликдан сўнг семинар шўъбаларга тақсимланган ҳолда ўз фаолиятини давом эттирди. Шўъбаларда кўпчиликни қизиқтирган тезислардаги масалалар бўйича 40 дан ортиқ қатнашчиларнинг маърузалари тингланди ва муҳокама қилинди.

    Соат 16:30 да семинар шўъбалари ўз ишини якунлади ва халқаро илмий-амалий семинар амалга оширилган халқаро лойиҳанинг фаолияти бўйича якуний хулосаларни умумлаштирди.

    - Республикамиз олий таълим тизими турли халқаро ташкилотлар, шу жумладан, Европа Иттифоқининг ТЕМПУС дастури билан олий таълим тизимини модернизациялаш ва такомиллаштириш борасида кўп томонлама фойдали алоқаларни йўлга қўйган. Бу алоқалар миллий таълим тизимини жаҳон талаблари даражасида ташкил этиш ва тайёрланаётган кадрлар рақобатбардошлигини оширишга ёрдам бермоқда. Ҳар йили ТЕМПУС дастури томонидан Марказий Осиё мамлакатлари қаторида Ўзбекистон олий таълим тизимини модернизациялаш бўйича кўплаб янги лойиҳалар молияланмоқда ва бу лойиҳаларнинг бир қисми мамлакатимиз олий таълим муассасаларида таълимни илмий тадқиқот билан биргаликда олиб борган ҳолда университетларда яратилаётган илмий янгиликларни ишлаб чиқариш жараёнига жорий этиш масалаларини ҳам қамраб олган.

    ТЕМПУС дастури доирасида 2010-2013 йиллар давомида амалга оширилаётган Европа Иттифоқининг Германия, Испания ва Португалия мамлакатларидаги университетлар ҳамда Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг етакчи университетлари, йирик корхоналар, нодавлат тадбиркорлар ташкилотлари иштирокида амалга оширилаётган UnIvEnt – “Ишлаб чиқариш корхоналарида инновацияларни тадбиқ этиш борасида университетларнинг ролини кучайтириш” лойиҳаси ана шундай лойиҳалардан биридир.

    Ушбу лойиҳанинг мақсади ишлаб чиқаришга ва тадбиркорлик фаолиятига инновациялар трансферида университетларнинг ролини ошириш, университетларда Инновациялар Трансфери Марказлари фаолиятини ташкил этиш орқали “фан-таълим-ишлаб чиқариш” боғланишини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда таълим жараёнини корхоналар ва тадбиркорлар буюртмасига мос ҳолда йўлга қўйишдан иборат.

    Халқаро ТЕМПУС дастури доирасида амалга оширилаётган UnIvEnt – “Ишлаб чиқариш корхоналарида инновацияларни татбиқ этиш борасида университетларнинг ролини кучайтириш” лойиҳаси Ўзбекистон ва Озарбайжонда илмий-тадқиқот муассасалари ҳамда миллий иқтисодиётнинг турли тармоқ ва соҳаларида фаолият олиб бораётган корхоналар учун “фан-таълим-ишлаб чиқариш” учбурчагидаги боғланиш

    ни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

    Лойиҳани амалга ошириш давомида тўпланган тажрибалар олий таълим муассасаларида инновацияларни яратиш ва уларни ишлаб чиқариш корхоналарига трансфери жараёнини янада самарали ташкил этилишида муҳим аҳамият касб этади.

    Comments are closed.